Қозоғистон тергов изоляторида мухолифат фаоли вафот этди

43 яшар Дулат Агадил 24 февраль куни тергов изоляторида шубҳали вазиятда жон берди.

Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳар тергов изоляторида мухолифат фаоли Дулат Агадил вафот этди. Расмийлар фаолнинг юрак хасталигидан ўлганини иддао қилмоқда.

Полиция билдирувида ëзилишича¸ 43 яшар Агадил душанба куни тергов ҳибсхонасига олиб келинган¸ кўп ўтмай бу ерга чақиртирилган Тез ëрдам унинг ўлганини қайд этган.

Расмийларга кўра¸ мухолифат фаоли танасида ҳеч қандай жароҳат излари йўқ¸ айни пайтда ўлим юзасидан терговга қадар суриштирув олиб борилмоқда.

Дулат Агадил ўлими хабари тарқаши билан унинг ўнлаб тарафдори тергов изолятори олдида тўпланди. Улар 22 февраль куни мамлакатда ҳокимият ўзгариши талаби билан чиққан мухолифатчиларнинг ўзларига кўрсатилишини сўради. Йиғилганлардан бир гуруҳи шаҳар ўликхонаси¸ бошқаси эса¸ ИИВ биносига йўл олди.

Кўп ўтмай¸ норозиликка тўпланганлар полиция махсус кучлари томонидан қўлга олиниб¸ олиб кетилди.

Қозоғистон ҳукуматини ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш¸ фуқаролар ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилишга чақириб келган Агадил¸ ўлимига қадар бир неча марта маъмурий жавобгарликка тортилган 2019 йили 60 кундан кўпроқ вақтни қамоқда ўтказган.