Тиббиёт коллежлари ўрнида Ибн Сино мактаблари ташкил этилади

Президент Мирзиëев Соғлиқни сақлаш вазири билан соҳадаги вазиятни муҳокама қилмоқда.

25 февраль куни президент Шавкат Мирзиëев соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш масаласига бағишланган яна бир йиғилиш ўтказди.

Бу ҳақда хабар берган президент матбуот хизматига кўра¸ мажлисда “ўтган йилларда бу борада амалга оширилган улкан ислоҳотлар” тилга олинган.

“Шошилинч ва тез ёрдам йўналишида марказлашган яхлит тизим яратилди. Тез ёрдам бригадаларининг сони 818 тадан қарийб 2 мингтага етказилди ва аҳолига янада яқинлаштирилди”¸ дейилади расмий хабарда бу ислоҳотлар ҳақида .

Президент мазкур йиғилишда Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига 23 нафар шифокор тўғри келаëтгани¸ маҳаллий тиббиёт ходимлари кўникмасини оширишга эътибор қаратилмаëтгани¸ ихтисослашган марказ ва ҳудудий муассаса ўртасида вертикал тизим шаклланмаганини танқид қилган.

“Соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштириш тизими танқидий таҳлил этилди. 20-30 фоиз маблағ самарасиз сарфланаётгани кўрсатиб ўтилди. Юртимизда бирламчи тиббий-санитария учун ажратилаётган маблағ улуши 35-40 фоизни ташкил этади. Хорижда эса бу кўрсаткич 60 фоиздан ошади.

Давлат ва хусусий тиббиёт учун тенг шарт-шароит, рақобат муҳити яратилмаган. Молиялаштиришда электрон тизимнинг йўқлиги маблағлар унумдорлигини таҳлил қилиш имконини бермаяпти”¸ деб ëзди президент матбуот хизмати.

Йиғилишда Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғуртага оид қонунлар қабул қилиб, уни босқичма-босқич жорий этиш¸ вилоятларда тиббиëт ходимлари учун малака ошириш курслари очиш¸ тиббиёт коллежлари ўрнида Ибн Сино мактаблари ташкил этиш ҳақида топшириқлар берилган.