Президент қарори лойиҳаси энг йирик корхоналардаги давлат улушини очиқ тендерсиз сотишга имкон беради

Лойиҳа чиқиши арафасида Мирзиëев Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасини ислоҳ қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамага қўйиладиган regulation.gov.uz сайтида президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ҳозирланган лойиҳа “Иқтисодиётда давлат улушини қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланади.

Ҳужжатга кўра¸ унга илова қилинган 1115 та корхонадаги давлат улуши 2025 йилга қадар хусусийлаштирилади.

Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси тузилиб¸ унга Бош вазир¸ унинг ўринбосарлари ва президент маслаҳатчилари киритилади.

Президент қарори лойиҳаси Тендер комиссиясига¸ давлат улушларини “аукцион, танлов, тендер, тўғридан-тўғри музокаралар орқали, IPO,SPO ва бошқа” механизмлар орқали хусусийлаштириш ваколати беришни кўзда тутади.

Қарорга давлат улуши тўлиқ ëки қисман сотиладиган корхоналар рўйхати илова қилинган.

Бу рўйхатга киритилган Ucell¸ Uzbekistan Airways, "Ўзбектелеком", "Ўзбекнефтгаз", "Ўзтрансгаз", "Дори-Дармон, Олмалиқ кон-металлургия комбинати¸ Ўзбекистон металлургия комбинати ва "Навоий кон-мeталлургия комбинати каби мамлакатдаги монополист мақомида қолаëтган йирик корхоналардаги давлат улушлари ҳам сотувга қўйилади.

26 февраль кунги расмий хабарга кўра¸ давлат улуши хусусий қўлга сотиладиган "Навоий кон-мeталлургия комбинати" Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхонаси саналади ва мамлакатдаги жами саноат маҳсулотининг 10 фоизини ва бюджет даромадининг эса¸ 18 фоизини таъминлайди.

Президент қарори лойиҳасида¸ бу сотувларнинг очиқ тендерсиз ўтказилишига ҳам имкон қолдирилгани¸ иқтисодий таҳлилчиларда жараëннинг ҳалол ва шаффоф ўтишига нисбатан шубҳа уйғотмоқда.