Мирзиёев мактабларда аниқ фанларни ўқитишга эътиборни кучайтириш лозимлигини урғулади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Аниқ фанларни ўқитишда амалий кўникмаларни шакллантириш ҳамда интерактив машғулотларга эътиборни кучайтириш керак. Бу фикр президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2 март куни халқ таълими тизимидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланиб ўтказилган йиғилишда айтилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев Ўзбекистонда математика, кимё, физика ва биология дарсларининг 10 фоизигина амалий машғулотларга ажратилгани, ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 30-50 фоизни ташкил этишини айтган.

Шу боис Халқ таълими вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ўқув дастурларида рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, аниқ фанларда амалий машғулотлар кўламини ошириш юзасидан топшириқ берилган.

Йиғилишда шу кунда мактаблардаги 683 та физика, 897 та кимё, 901 та биология хонасида ўқув лабораториялар йўқлиги урғуланган. Қайд этилишича, 7 минг 807 та физика, 7 минг 776 та кимё ва 7 минг 770 та биология хонасининг жиҳозлари эскирган. 62 мингта синф хонаси замонавий ва янги ўқув жиҳозлари билан таъминланмаган, 7 мингта компьютер етишмайди. Шу важдан мактаблардаги лабораторияларни замонавий жиҳозлаш ва улардаги дарслар кўламини ошириш талаб этилади.

Мирзиёев Халқ таълими вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига амалдаги жиҳозлаш ҳолатини танқидий ўрганиб, мактабларни замонавий лаборатория, компьютер техникаси, спорт анжомлари ва бошқа зарур воситалар билан жиҳозлаш бўйича топшириқ берган.