Тожикистонда бўлиб ўтган парламент сайловида яна ҳукмрон партия ғолиб бўлди

Тожикистон МСК раиси Бахтиёр Худоёрзода.

Тожикистон Марказий сайлов комиссияси ҳукмрон Халқ демократик партиясини 1 март куни бўлиб ўтган парламент қуйи палатаси - Мажлиси намояндагон сайловининг ғолиби, дея эълон қилди.

Мухолифатдаги ягона куч – Тожикистон Социал-демократик партияси парламентга киролмади.

Сайловларда етти сиёсий куч - ҳукмрон Тожикистон Халқ демократик партияси, Аграр партия, Иқтисодий ислоҳотлар партияси, Демократик партия, Социал-демократик партия, Социалистик партия ва Коммунистик партия иштирок этди.

МСК раиси Бахтиёр Худоёрзоданинг 2 март куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилишича, овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг 86 фоиздан кўпроғи иштирок этган. Ҳукмрон Халқ демократик партияси 50,4 фоиз овоз олган. Аграр партия рўйхат бўйича тўртта ўринни қўлга киритган.

Иқтисодий ислоҳотлар партияси учун сайловчиларнинг 16 фоизи овоз берган, бу партия ҳам 4 та депутатлик мандатини қўлга киритган.

Тожикистон Демократик партияси битта мандатга эга бўлган.

Социалистик партия эса парламент қуйи палатасида аввалги битта ўринни сақлаб қолган.

Худоёрзодага кўра, сайловчиларнинг атиги 0,32 фоизи овоз берган Тожикистон Социал-демократик партияси парламентга ўта олмаган. Ўз партияси ғалабасига ишонган ТСДП етакчиси дастлабки натижалар эълон қилиниши биланоқ зални тарк этган.

Тожикистон янги парламентида компартиядан ҳам депутатлар бўлмайди – коммунистлар беш фоизлик тўсиқдан ўта олмаган. Худоёрзоданинг маълум қилишича, бу партия учун сайловчиларнинг атиги 3,11 фоизи овоз берди.

1997 йилда Тинчлик битими имзоланганидан бери Тожикистонда бешинчи бор ўтказилган парламент сайлови мамлакатда террор ташкилоти дея эълон қилинган ва тақиқланган Тожикистон Ислом Уйғониш Партиясининг иштирокисиз бўлиб ўтди.

Халқаро кузатувчилар, жумладан ЕХҲТ, ғарб хукуматлари ва ташкилотлари Тожикистонда бўлиб ўтган бирорта сайловни шаффоф, адолатли ва демократик стандартларга мос, дея тан олмаган.

Тожикистон парламентининг қуйи палатасига 63 нафар депутат сайланади. Бу ўрин учун 238 нафар номзод даъвогарлик қилган. Номзодларнинг 65 нафари партия рўйхати бўйича, 173 нафари эса бир мандатли округларда кураш олиб борганлар.