Тожикистонда ажнабий велосайёҳларга ҳужум қилган гуруҳ раҳбари қамоқхонада вафот этди

35 яшар Ҳусейн Абдусамадов Душанбе қамоқхонасида вафот этди.

2018 йил июлида Душанбе-Данғара трассасида велосайёҳаларни ўлдирганликда айбдор дея топилиб, умрбод қамоққа ҳукм қилинган 35 яшар Ҳусейн Абдусамадов Душанбе қамоқхонасида вафот этди.

Бу хабарни унинг қариндошлари ва хукумат вакиллари тасдиқлади.

Тожикистон Адлия вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Мансуржон Умаровнинг 3 март куни Озодлик радиоси тожик хизмати билан суҳбатда таъкидлашича, маҳкумнинг ўлими сабабларини прокуратура вакиллари аниқлайди.

«Абдусамадовда бирор бир жиддий сурункали касаллик йўқ эди, фақат мавсумий шамоллаш бўлиши мумкин. Қийноқлар ва шафқатсиз муносабатларни истисно қилиш мақсадида жасад судмедэкспертизага юборилди», - деди Умаров.

2018 йилнинг 29 июлида радикал кўз қарашда бўлган гуруҳ аъзолари Тожикистон бўйлаб сафарга чиққан хорижлик велосаёҳларга автомобиль билан бостирган эди. Шундан сўнг улар пичоқ билан велосайёҳларга ҳужум қилган.

Оқибатда тўрт сайёҳ: 29 ёшли АҚШлик эр-хотин Жей Остин ва Лорен Гейган, Нидерландия фуқароси Рене Вокке ва Швейцария фуқароси Хамель Маркус ҳалок бўлган. Икки нафари - Ким Постма ва Дименд Мари Клер жароҳат олган.

Сайёҳларга ҳужум қилган беш кишидан фақат Ҳусейн Абдусамадов тирик қолган. Зафаржон Сафаров, Асомуддин Мажидов, Жафариддин ва Аслиддин Юсуповлар махсус амалиёт вақтида йўқ қилинган.