Қирғизистонда Чегара хизматидаги коррупция ҳақида баёнот берган зобитга адвокат ёллаш учун маблағ тўпланмоқда

Талгат Аланов.

Қирғизистонда Давлат Чегара хизмати подполковниги Талгат Аланов учун маблағ тўпланмоқда. Бунга оид эълон фаоллар томонидан ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган.

Аввалроқ Т. Аланов маблағ йўқлиги боис судда ўз манфатларини ўзи ҳимоя қилишга мажбур бўлаётганини айтган. Шу боис фаоллар адвокат хизмати учун маблағ тўплашга чақирган.

Ўш шаҳрида 2019 йил 27 ноябрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Талгат Аланов Давлат чегара хизматидаги коррупция ҳақида баёнот берганидан сўнг Ўш гарнизони Ҳарбий прокуратураси тергов ишларини бошлаб юборган, бироқ тергов натижалари ҳали эълон қилинганича йўқ.

Талгат Аланов ўша кунги мурожаатидан кейин таъқиб қилинаётгани ва таҳдидларга учраётганини айтади. Кейинроқ унинг беш нафар ҳамкасби Ўш шаҳар судига даъво аризасини бергани маълум бўлди.