Толибон АҚШ билан тинчлик келишувига амал қилмади¸ сўнгги ҳужумларда ҳукуматнинг 20 аскари ўлдирилди

4 март куни Доҳада тўпланган Толибон етакчилари АҚШ президенти билан телефонда гаплашди.

Афғонистон жанубидаги Ҳелманд вилоятида Афғонистон ҳукумат қўшинларига қарши уюштирилган ҳужумлар ортидан АҚШ қўшинлари “мудофаа” мақсадида Толибон истеҳкомларига қарши жавоб ҳаво ҳужумларини амалга оширди.

Бу ҳақда Афғонистондаги АҚШ қўшинлари матбуот котиби маълум қилди.

Толибон уюштирган ҳужумлар оқибатида камида 20 нафар афғон аскарининг ўлдирилгани айтилмоқда.

Бу ҳужумлар арафасида АҚШ президенти Дональд Трамп Толибоннинг сиëсий раҳбари билан “жуда яхши мулоқот” қилганини айтган эди.

Ўзаро ҳужумларнинг қайта кучайиши 29 февраль куни Қатар пойтахти Доҳада АҚШ ва Толибон ўртасида имзоланган келишув ижросини савол остида қолдирди.

Мазкур келишувда Толибон Афғонистон ҳукумати билан музокара қилиш ва қатор хавфсизлик кафолатларини зиммасига олган¸ бунинг эвазига АҚШ ўз қўшинларини 14 ой ичида мамлакатдан олиб чиқишга рози бўлган эди.

Айни пайтда¸ Афғонистон президенти Ашраф Ғани бу келишувнинг асосий бандларидан бири – ҳукумат қамоқхоналарида сақланаëтган 5000 га яқин Толибон жангарисини озод қилишга кўнмаслигини билдирди.

Толибон¸ бу шарти бажарилмагунча¸ Кобул ҳукумати билан музокара бошланмаслигини таъкидламоқда.