АҚШ мудофаа вазири Россияни очиқ осмон шартномасига амал қилмасликда айблади

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер.

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер Россия АҚШ учоқлари Калининград шаҳри ҳамда Грузия яқинидаги ҳудуд устидан учишига тўсқинлик қилиб, «очиқ осмон» шартномаси шартларини бузаётганини айтди.

4 март куни Конгресс олдида сўзлаган Эспер:

- Ҳарбий машқлар доирасида ушбу ҳудудлардан учиб ўтишимизга ҳам рухсат беришмади. Шартноманинг ҳозирги аҳволи мени хавотирга солади, - деди.

34 давлат, жумладан, Россия имзолаган шартнома халқаро барқарорликни таъминлаш мақсадида уни имзолаган давлатларга бир-бири ҳаво бўшлиқларида ҳарбий иншоотларни ҳамда бошқа объектларни кузатиш мақсадида разведка рейсларини амалга ошириш имконини беради.

Ўтган йилнинг октябрида The Wall Street Journal газетаси президент Дональд Трамп АҚШни шартномадан чиқариш истаги изҳор қилинган ҳужжатни имзолаганини эълон қилган эди. Аммо Оқ уй ҳали шартнома бўйича ўз режаларини расман эълон қилган йўқ.

Эспер АҚШ Конгрессининг Ҳарбий хизматлар қўмитаси олдида қилган чиқишида Москва келишув шартларига «бир неча йилдан бери» амал қилмай келаётганини таъкидлади.

Эспер ўтган ойда НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари йиғинида ушбу масалани кўтарганини қўшимча қилди.