Пентагон: Ҳужумларга қарамасдан, Толибон келишув шартларига амал қилмоқда

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер.

АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийлари Толибон Афғонистонда зўравонликлар давом этаётган бўлса-да, АҚШ билан эришилган тинчлик шартномасига амал қилаётганини билдирди.

4 март куни Сенат комиссияси олдида сўзлаган мудофаа вазири Марк Эспер жангари гуруҳ келишув шартларида белгиланганидек, АҚШ ҳамда коалиция кучларига ҳужум қилмаётганини, аммо зўравонликни озайтириш талабини бажармаётганини таъкидлади.

- Улар билан ҳамкорлик қилиш осон эмас. Улар орасида радикал ва мўътадил қарашга эгалар бор, — деди Эспер.

Эспернинг чиқишидан аввалроқ АҚШ қўшинлари Ҳилманд вилоятида Афғонистон ҳукумати қўшинларига қилинган ҳужум ортидан Толибонга жавоб қайтаргани хабар қилинган эди. Толибон амалга оширган ҳужумларда камида 20 нафар ҳукумат аскари ҳалок бўлди.

Зўравонликлар тинчимаётгани 29 февраль куни Доҳада АҚШ ва Толибон ўртасида имзоланган келишувга таҳдид солмоқда.

Мазкур келишувда Толибон Афғонистон ҳукумати билан музокара қилиш ва қатор хавфсизлик кафолатларини зиммасига олган, бунинг эвазига АҚШ ўз қўшинларини 14 ой ичида мамлакатдан олиб чиқишга рози бўлган эди.