Сенатор Алимова Каттақўрғон шаҳрига ҳоким этиб тайинланди

Каттақўрғон шаҳрининг янги ҳокими Гавҳар Алимова.

Сенатор Гавҳар Алимова Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Г. Алимова 2017 йилдан буён Каттақўрғон шаҳрига ҳокимлик қилиб келаётган Музаффар Ҳошимов ўрнини эгаллаган.

Олий Мажлис Сенати аъзоси, 49 ёшли Гавҳар Алимова Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1989 йили Жомбой туманидаги 16-мактабда йўриқчиликдан бошлаган.

У Вазирлар Маҳкамасининг Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш комплекси мутахассиси, аввалги “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

2018 йилдан 2020 йилгача Г. Алимова Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, яқиндан бошлаб эса Самарқанд вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистонда тўртта туманга аёллар ҳоким этиб тайинлангани ҳақида хабар қилган эди.