Эрдўғон ва Путин Идлибда ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишиб олишди

Туркия ва Россия президентлари, Москва, 2020 йил 5 марти.

Москва ва Анқара 6 мартдан Идлибда ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишиб олди. Бу ҳақда Суриядаги ҳарбий можарони тинч йўл билан ҳал қилишга оид меморандумда айтилган. Мазкур қарор Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Россия президенти Владимир Путиннинг 5 март куни Кремлда бўлиб ўтган учрашувидан кейин қабул қилинган.

Келишувда Суриядаги можаронинг ҳарбий ечими йўқлиги қайд этилади.

Путин иддаосича, Сурияда йил бошидан бери радикалларнинг тинч аҳоли вакиллари ва Россиянинг “Хмеймим” ҳарбий базасига ҳужумлари давом этган. Россия президенти Москва ва Анқара мунтазам равишда Сурияда содир бўлаётган воқеалар юзасидан ахборот алмашиб турибди.

"Сурияда содир бўлаётган воқеаларни баҳолашда биз ҳар доим ҳам туркиялик ҳамкорларимиз билан бир хил фикрда эмасмиз. Бироқ ҳар сафар чигал вазиятларда ўзаро тил топа олишга муваффақ бўлганмиз. Бу сафар ҳам шундай бўлди”, деди В.Путин.

Туркия президенти Путин билан ўтказилган музокаралар натижаси Идлибдаги вазиятни юмшатишига умид билдирди.

Президентлар музокаралари аввалида икки томон бир-бири ҳақида кескин баёнотлар берган. Айни пайтда Туркия ўз ҳарбийлари ўлимида Россияни тўғридан-тўғри айблашдан тийилганди.

Суриянинг Идлиб вилоятида сўнгги бир неча кун ичида жанглар тўхтагани йўқ. Турк ҳарбийлари Башар Асадга қарши курашаётган мухолифларни тўплар ва авиация билан дастакламоқда.