Афғонистон. Абдулла Абдулла иштирок этган тадбирда амалга оширилган ҳужумда 27 киши ҳалок бўлди

Хавфсизлик кучлари Кобулнинг ҳужам содир этилган қисмига етиб келди. 2020, 6 март.

6 март куни Афғонистон пойтахти Қобул шаҳрида юқори лавозимли расмийлар иштирокида ўтаётган тадбир давомида амалга оширилган ҳужумдан 27 киши ҳалок бўлди, қарийб 30 киши жароҳат олди.

Хабарларга кўра, Афғонистон ижроия ҳокимияти раҳбари Абдулла Абдулла ҳодиса жойидан эсон-омон олиб кетилган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Насрат Раҳимий ҳужум ортидан воқеа жойига махсус полиция кучлари юборилганини айтди.

Тадбир этник ҳазора етакчи Абдул Али Мозорий хотирасига уюштирилган эди. Мозорий 1995 йилда жангарилар томонидан асир олиниб, ўлдирилган эди.

Толибон гуруҳи ҳужум учун масъул эмаслигини билдирди.

Президент Ашраф Ғани Twitterда ҳужум уюштирувчиларига қарши кескин чора кўрилиши ҳақида ёзди.

Мозорийни хотирлашга бағишланган ўтган йилги тадбир қатнашувчилари ҳам ҳужумга учраган эди.