Нарх тушиб кетиши ортидан OPEC давлатлари нефть қазиб олиш кўламини озайтирмоқчи

OPEC - Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти.

Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти (OPEC) нефть қазиб олиш кўламини режалаштирилгандан ҳам кўпроқ озайтириш таклифи билан чиқди. Бундан мақсад нефть нархи тушиб кетиши олдини олишдир.

Аммо ташкилотнинг таклифини унга аъзо бўлмаган давлатлар, жумладан, Россия қўлламаслиги мумкин. Хабарларга кўра, ушбу масалада 6 март куни Вена шаҳрида йиғин ўтказилади.

5 мартда ОPEC аъзолари йил якунигача кундалик нефть қазиб олиш кўламини қўшимча 1,5 миллиард баррелга озайтириш режасини эълон қилди. Бошида картель ишлаб чиқариш кўламини фақат 1 миллион баррелга озайтиришни ҳамда бу чорани фақат июнь ойигача давом эттиришни режалаштирган эди.

Ташкилотнинг бу қарорига коронавирус эпидемияси туфайли юзага келган иқтисодий вазият туртки бўлди.

Россия ва Қозоғистон расмийлари OPEC таклифига ҳали рози бўлишмаганини изҳор қилди.

Саудия Арабистони OPECнинг энг кўп нефть қазиб олувчи аъзоси бўлиб, ишлаб чиқариш кўламини кескин қисқартиришга чақириб келади. Йил бошидан бери нефть нархи 20 фоизга арзонлади.

Нефть олиб келадиган даромадга қарам бўлган Москва эса ишлаб чиқариш кўламини кескин қисқартириш таклифларига қаршилик кўрсатиб келади.