Идлибда тинчлик шартномаси кучга кирганидан кейин зўравонликлар тўхтади

Туркия ва Россия президентлари, Москва, 2020 йил, 5 март.

Қароргоҳи Британияда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ҳамда Суриядаги фаоллар Туркия ва Россия етакчилари эришган тинчлик шартномаси кучга кирганидан кейин Идлиб вилоятида вазият нисбатан тинчиганини билдирди.

Аммо хабарларга кўра, шартнома тунги соат 12:00 кучга киргунига қадар отишмалар тинчимаган.

6 март куни эрталаб Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси асосий тўқнашув пунктларида тинчлик сақланаётганини хабар қилди. Идлибда истиқомат қилувчи фаол хабар Deutsche Presse-Agentur GmbH (dpa) олмон агентлигига берган интервьюсида шаҳар атрофида вазият тинч эканлигини айтди.

Шартнома кучга киришига яқин қолганида Россия ва Сурия ҳукумати кучлари Идлиб атрофидаги қишлоқларга қирувчи учоқлар ҳамда артиллерия қуроллари билан ҳужум қилган. Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси тарқатган хабарга кўра, ҳужумлар ортидан икки нафар турк аскари ҳалок бўлган.

6 март куни Туркия Мудофаа вазирлиги шартнома тунда кучга киргунига қадар дронлар ёрдамида амалга оширган ҳужумлари натижасида 21 нафар Сурия ҳукумати аскари йўқ қилинганини билдирди.

5 март куни Москвада Россия президенти Владимир Путин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан олти соат музокара олиб бориб, Сурияда ўт очишни тўхтатиш бўйича шартнома имзолаган эди.