Хитойда коронавирусга чалинаётганлар сони озайди

Коронавирус ўчоғи ҳисобланган Хубэй вилоятидан ташқарида 7 март куни 25 одамга коронавирус юққан.

Хитой ҳукумати 7 март куни коронавирусга чалинганлар сони озая бошлагани ҳақида маълум қилди.

Расмий билдирувда айтилишча, 7 март куни 99 киши коронавирусга чалинган. Бундан бир кун олдин уларнинг сони камида 143 нафар бўлган эди. Бу 20 январдан бери коронавирус юқтирганлар сони бўйича энг оз кўрсаткичдир.

Хитой Соғлиқни сақлаш бўйича миллий комиссияси коронавирус ўчоғи ҳисобланган Хубэй вилоятидан ташқарида 7 март куни 25 одамга коронавирус юққанини билдирди. Коронавирусга чалинган янги беморларнинг асосий қисми Гансу вилоятида яшовчилардир.