Саудияда қирол оиласига мансуб уч киши қамоққа олинди

Саудия Арабистони қироли Салмон ўғли Муҳаммад бин Салмоннинг тахт вориси сифатида эълон қилган.

Саудия Арабистонида қирол оиласига мансуб уч киши қамоққа олинди. Бу билан валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг тахт вориси сифатидаги позицияси мустаҳкамлангани айтилмоқда.

Агентликларнинг билдиришича, 7 март куни қўлга олинганлардан бири қирол Салмоннинг укаси Аҳмад Абдулазиз ал Сауддир. У 2017 йилда Муҳаммад бин Салмоннинг тахт вориси сифатида эълон қилинишига қаршилик билдирган эди.

The Wall Street Journal ўз манбаларига таянган ҳолда қиролнинг жияни Муҳаммад бин Ноиф, унинг укаси шаҳзода Наваф бин Ноиф ҳам 7 март куни эрталаб ўз уйларида қирол тансоқчилари томонидан ҳибсга олинганини хабар қилди. АҚШ нашрининг ёзишича, қўлга олинганлар давлатга хиёнатда айбланмоқда.

Ҳозирча Саудия ҳукумати бу хабарларга муносабат билдиргани йўқ. Аввалроқ валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон буйруғи билан қатор дин уламолари, фаоллар, қирол оиласига мансуб нуфузли шахслар ва бизнес элита вакиллари қамоққа олингани хабар қилинган эди.