Трамп коронавирусга қарши курашиш учун 8,3 миллиард доллар маблағ ажратди

АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирусга қарши курашга 8,3 миллиард доллар ажратиш тўғрисидаги қонунни имзоламоқда. 6 март, 2020 йил.

АҚШ президенти Дональд Трамп 6 март куни коронавирусга қарши кураш учун 8 миллиард 300 миллион доллар маблағ ажратиш тўғрисидаги фавқулодда қонун лойиҳасини имзолади.

Маблағ коронавирусни аниқлаш ва олдини олиш каби мақсадларга сарфланади. АҚШда шу кунгача 233 киши коронавирусга чалингани аниқланган. Улардан 14 нафари вафот этган.

Вице-президент Майк Пенс 6 март куни Калифорния соҳилига келган Grand Princess кемасининг 3500 йўловчисидан 21 нафарида коронавирус аниқланганини билдирган эди. Айни пайтда кемадаги йўловчиларни тиббий текшириш ишлари давом этмоқда.

Шу кунгача коронавирусга жаҳон бўйлаб юз мингга яқин одам чалинди. Бу вирусдан ўлганлар сони 3400 нафардан ошиб кетди.