Нефть нархи 31 фоизга арзонлади, рубль қадри тушиб кетди

Душанба, 9 март куни Brent маркали нефтнинг бир баррели нархи 31,43 долларгача тушиб кетди. Нархнинг 31 фоизга пасайишига Саудия Арабистонининг нефть нархини арзонлатиш қарори сабаб бўлди.

Бу қарорни саудияликлар 6 март куни Венада ОПЕКка аъзо мамлакатлар қазиб олинаётган нефть ҳажмини озайтириш бўйича музокараларда ўзаро келишувга эришолмаганидан кейин олган.

Brent маркали нефть баррелининг нархи сўнгги бор 31,5 долларга 2016 йил январидан тушганди.

Нефть нархи пастлаши ортидан иқтисодиёти бу маҳсулот сотилишига боғлиқ мамлакатлар, хусусан, Россия ва Қозоғистонда миллий валютанинг долларга нисбатан қадрсизланиши кузатилмоқда.

Россияда айни пайтда 1 АҚШ доллари қарийб 73 рублдан, Қозоғистонда эса қарийб 400 тангадан сотилмоқда.