Бош вазир: Реклама ва эълон беришда давлат тили устунлигини таъминлаш лозим

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов.

Ўзбекистон бош вазири савдо дўконлари, ошхоналар ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари пештоқига эълонлар рус тилида ёзилаётганини танқид қилди.

Маҳаллий матбуотга кўра¸ 9 март куни Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Абдулла Арипов раислигида кўча ва аҳоли пунктларини номлаш, пешлавҳалар, реклама ва эълонларнинг давлат тилида берилиши сингари масалалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган.

Йиғилишда бош вазир жой номлари, ташқи реклама эълонларидаги мантиқсизликлар, ўзбек тилига нисбатан беписандлик каби муаммоларни қоралаган.

Айрим ҳали очилиб улгурмаган савдо дўконлари, ошхоналар ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг пештоқига катта ҳарфлар билан “Скоро открытие”, “Мы открылись”, деб ёзиб қўйишади.

Энг қизиғи, фақат марказларгина эмас, узоқ туманларда ҳам рус тилида эълон осиш урфга кирмоқда.

Эълонларни ўз тилимизда ёзса ҳеч ким тушунмайдими? Ёки шу дўкон ёхуд ошхонага ҳеч ким кирмай қўядими?

Бу каби номларни танлаётган инсонларда ватанпарварлик, давлатга, тилга ҳурмат деган туйғу борми ўзи?” дея савол ташлаган А. Арипов.

Бош вазирга кўра, Ўзбекистонда асосий истеъмолчиси, харидори ўзбек тилли аҳоли эканини билатуриб, бошқа тилда эълон бериш амалиётига чек қўйиш шарт.

Рекламаларда, аввало, давлат тилининг устунлигини таъминлашимиз керак”, деган А. Арипов.