Хусусий бандлик агентликларининг хорижга ишга юбориш учун хизмат ҳақи олиши тақиқланади

Бандлик вазирлиги хусусий бандлик агентликларига ишониб¸ хорижга кетиб¸ алданганларнинг айримларини қайтаришда бевосита иштирок этди.

9 март куни Ўзбекистон Республикаси “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

2018 йил 16 октябрда қабул қилинган қонунга киритиладиган муҳим ўзгаришлардан бири хориждан иш қидираëтган “шахсларни ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни иш берувчи ёки буюртмачи ҳисобидан амалга ошириш” ва бундай “шахсларни ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ундириш тақиқлаш”дир.

Тўлдиришлар орасида хусусий бандлик агентлигининг ўз мижозлари билан тузадиган шартномани Бандлик вазирлигининг “labor-migration” дастурий мажмуасида реал вақт режимида рўйхатдан ўтказиш талаби ҳам бор.

Қонун лойиҳасида ëзилишича¸ “мазкур талабга риоя этмаслик хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг ҳақиқий эмас деб топилишига сабаб бўлади”.

“Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Бандлик вазирлигидан расмий лизенция олган ўнлаб хусусий бандлик агентликлари минглаб ўзбекистонликни хорижга ишга юбориш иддаоси билан алдагани жиддий норозиликларга сабаб бўлиши ортидан кун тартибига тушди.

Айни иддао билан миллиардлаб сўмлик фирибгарликни амалга оширганликда айбланиб қатор хусусий бандлик агентликлари устидан жиноят иши қўзғатилди¸ лицензиялари бекор қилиниб¸ фаолияти тўхтатилди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамага қўйиладиган regulation.gov.uz сайтидаги ҳужжат муаллифи Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидир.

Лойиҳа 24 мартга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлади.