Coca-Cola Ўзбекистонга 31 млн доллар инвестиция киритмоқчи

Coca-Cola ширкати 2020-2021 йилларда 31 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишни режалаштирган: булар Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳридаги заводлар модернизацияси, мавжуд қувватларни кўпайтиришни назарда тутади. Бу ҳақда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ахборот хизмати ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ширкати таркибидаги “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd.” компаниясининг Ўзбекистон салқин ичимликлар бозоридаги улуши 2019 йилда 25 фоиз, ширин газланган ичимликлар бозоридаги улуши эса 50 фоиздан юқори бўлган. Компанияда салқин ичимликлар ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йили 33 фоизга ошган.

Компаниянинг 2019 йилда Ўзбекистон салқин ичимликлар бозорида олиб борган ўрганишларига кўра, келгуси 10 йилликда аҳоли сонининг ўсиши, даромадларнинг ошиши ҳамда худудларнинг туристик салоҳияти кенгайиб бориши ҳисобига салқин ичимликлар сотиш бозори ҳажми 1.8 баробарга кўпайиши кутилмоқда. Шуларни эътиборга олган ҳолда, Coca-Cola ўз заводларини модернизациялаш қарорига келган.