Дариға Назарбоева ва оиласи Лондонда ҳибс этилган $100 миллионлик уйлар эгаси бўлиб чиқди

Нурсултон Назарбоевнинг 2015 йилги Лондон сафарида унга ҳамроҳлик қилган Дариға Назарбоева Британия қироличаси томонидан қабул қилинган эди.

Британия расмийлари ўтган йил «асосланмаган бойлик» сифатида ҳибс этилган Лондондаги иккита вилла ва квартира эгалари номини эълон қилди.

Transparency International ва Finance Uncovered биргаликда ўтказган суриштирув хулосасига кўра¸ бу қимматбаҳо кўчмас мулклар эгаси Қозоғистон 1-президенти Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи¸ ҳозирда Қозоғистон парламенти юқори палатаси спикери Дариға Назарбоева¸ унинг катта ўғли Нурали Алиев ва келини Аида бўлиб чиқди.

Мулк эгалари эътирозига қарамай¸ 11 март куни Лондон Юқори суди ҳаками бу маълумотни жамоатчиликка очиқлашга рухсат берди.

100 миллион доллардан ошиқ турадиган Лондоннинг энг қиммат районларидаги бу вилла ва квартиралар оффшорда очилган учта компания номига сотиб олинган.

2019 йил баҳорида уй эгалари ўз даромади манбаини тушунтириш сўровини қондирмагани ортидан Британия ҳуқуқ идоралари «Жиноий даромад» ҳақидаги қонун асосида уларни ҳибсга олган эди.

Жиноятчиликка қарши кураш бўйича Миллий агентлик терговчилари¸ уйларнинг Назарбоеванинг собиқ эри Роҳат Алиевнинг жиноий пулларига сотиб олинганини таъкидламоқда.

Назарбоеванинг адвокатлари эса¸ ўз мижози Алиев билан 2007 йилда ажрашгани ва 2008 йили сотиб олинган бу мулкларнинг унга алоқаси йўқлигини айтмоқда.

2018 йил февралида қабул қиинган янги қонунга кўра¸ Британия ҳуқуқ тизимлари мамлакатда яшаëтган хорижликлар¸ хусусан¸собиқ давлат амалдорлари ва улар яқинлари даромади манбаини текшириш ваколатига эга.

Агар чет элликлар 50 минг фунт стерлингдан ошиқ даромади қаердан келганини асослай олмаса¸ улар мулки ва маблағлари музлатилади.

Айни кунларда Британияда қимматбаҳо вилла эгаси бўлган 140 нафарга яқин бадавлат хорижлик даромади манбаи тафтиш қилинмоқда.

Улар аксариятининг Россия ва постсовет республикларига алоқадорлиги айтилмоқда.