Қирғизистонда яна 16 та мамлакатдан келганлар учун уй карантини жорий қилинди

Қирғизистонда яна 16 та мамлакатдан келганлар учун уй карантини жорий қилинди

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19 коронавируси қайд қилинган 16 та мамлакатдан келаётганлар учун 14 кунлик мажбурий уй карантини жорий қилди.

Бундан аввал карантин стационарига Хитой, Жанубий Корея, Италия, Эрон ва Япониядан келганлар юбориларди. Бу мамлакатлар ҳамон рўйхатда.

Уларга қўшимча равишда карантин рўйхатига 16 та давлат (Франция, Германия, Испания, Сингапур, АҚШ, Қувайт, Баҳрайн, Таиланд, Тайвань, Швейцария, Буюк Британия, Австралия, Малайзия, Канада, Ироқ, Бирлашган Араб Амирликлари) киритилди, бу давлатлардан келганлар икки ҳафта мажбуран уйда бўлишлари керак.

Бу орада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги коронавируснинг ёйилиши пандемия даражасига етганини эълон қилди.

Хитойдан чиққан COVID-19 вируси шу кунгача дунёнинг 124 мамлакатига кириб келгани айтилмоқда. Бу мамлакатларда вирус юқтириб олганлар сони, сўнгги маълумотларга кўра, жами 126 минг нафардан ошган, қурбонлар сони эса 4634 нафарга етган.