Коронавирус хавфи: Қозоғистонда оммавий тадбирлар бекор қилинди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус пандемиясини эълон қилиши ортидан Қозоғистонда оммавий тадбирлар бекор қилинади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Твиттердаги ўз саҳифаси орқали эълон қилди.

“ЖССТ коронавирус пандемиясини эълон қилди. Ҳукумат махсус олдини олиш чораларини амалга оширишга киришади. Оммавий тадбирлар бекор қилинади. Фуқароларни озиқ-овқат ва биринчи даражали эҳтиёж молларини билан таъминлашда узилишлар бўлмайди. Кичик ва ўрта бизнеснинг зарар кўришига йўл қўймаслик муҳим”, деб ёзди Қозоғистон президенти.

Кейинроқ мамлакат бош вазирининг ўринбосари Ерали Тугжанов Нур-Султон шаҳрида ўтган брифингда 13 мартдан оммавий байрамлар, маданият ва спортга оид тадбирлар, конференциялар, кўргазмалар, семинарлар ва бошқаларни ўтказиш тақиқланишини билдирди.

Аввалроқ қозоқ расмийлари коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган тадбирларни бекор қилганди.