Саудия Арабистони Европага нефтни $25дан етказиб бермоқчи - Bloomberg

Саудия Арабистони Европага етказиб берилаётган нефть ҳажмини уч баробар ошириш ҳамда Arab Light нефтининг бир баррелини $25 дан сотишни режаламоқда. Bloomberg нашри ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Bloomberg’га кўра, мазкур нарх Россиянинг Urals русумидаги нефти нархига қараганда анча арзон бўлиб, Европа нефть бозорини "нефть учун Ар-Риёд ва Москва ўртасидаги қақшатқич жанг майдонига айлантиради". Агар Urals нархи тушмайдиган бўлса, у ҳолда бозордан сиқиб чиқарилади.

Давлатга қарашли Saudi Aramco ширкатининг нефтни катта чегирма билан сотиш борасидаги таклифи Британия-Ҳолландиянинг Royal Dutch Shell, Британиянинг BP, Франциянинг Total, Испаниянинг Repsol ва CEPSA компанияларига берилган. Шу кунгача Саудия Арабистони хорижга экспорт қиладиган нефтининг 10 фоизинигина Европага йўллар эди.

Яқинда Саудия Арабистони нефть қазиб олиш ҳажмини бир кунда 1 миллион баррелга кўпайтириш билан пўписа қилган эди. Бунга Россия нефть қазиб олишни қисқартиришга рози бўлмагани боис ОПЕК+ келишуви барбод бўлгани сабаб бўлди. Шундан сўнг нефть нархи тушиб кета бошлади. Ҳозирда Brent русумли нефтнинг бир баррели $33,5 дан, Россиянинг Urals нефти эса $32,25 дан сотилмоқда.

Нефть нархи тушиб кетгач, нефтга қарам мамлакатларда евро ва долларнинг миллий валюталарга нисбатан курси бирданига кўтарилиб кетди. Масалан, Россияда 12 март куни евро 2016 йил февралидан бери илк бор 84 рублга чиқди. Қозоғистонда доллар 12 март куни 400 тенге даражасида сотилди.