16 мартдан бошлаб Ўзбекистонда барча таълим муассасалари ёпилади, теледарслар намойиш қилинади

Мактаб болалари уйига қайтмоқда, 15 май, 2012. Тошкент

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланиши билан барча таълим муассасаларини 16 мартдан ёпиш қарори эълон қилинди.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистондаги барча ОТМ талабалари, мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига 16 мартдан таътил берилади.

Халқ таълими вазирлигининг хабар қилишича, таътил пайтида ўқувчилар учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси видеодарслар намойиш қилади.

Видеодарс машғулотларини тайёрлаш ва тасвирга олиш учун ташкилий-ижодий гуруҳ тузилади.

Видеодарслар Халқ таълими вазирлигининг ижтимоий тармоқларидаги каналлар ва расмий веб-сайтларида, электрон ахборот порталлари (onlain maktab) орқали ҳам намойиш этиб борилади.

Шунингдек, мактабларда тозалик ва дезинфекция тадбирлари кучайтирилади.