Ғарбнинг тўрт йирик давлати Башар Асадни жавобгарликка тортишни талаб қилди

Уруш хароб қилган Сурия манзараларидан бири.

Сурияда ички уруш бошланганининг 9 йиллиги муносабати билан АҚШ, Германия, Франция ва Буюк Британия лидерлари Сурия бўйича қўшма баёнот билан чиқишди. Баёнотда лидерлар, “Немис тўлқини” радиосининг хабар қилишича, Дамашқ раҳбариятидан “шафқатсиз қатллар”ни бас қилиб, халқ иродасига бўйсунишни талаб қилишган.

Баёнот муаллифларига кўра, “Асад режими содир этган ваҳшийликлари учун жавобгарликка тортилиши лозим”. Сурия режимининг Россия ва Эрон дастаги билан амалга оширган ҳарбий жиноятлари фақат уқубатнинг давом этишига ва гуманитар бўҳронга сабаб бўлмоқда.

АҚШ, Германия, Франция ва Буюк Британия Сурия раҳбариятидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2254-сонли резолюцияси бажарилишини талаб қилмоқда. Резолюция умуммиллий сулҳ эълон қилиниши, конституциявий ислоҳотлар ўтказилиши, ўз ихтиёрига қарши ушланган шахслар озод этилиши ва эркин сайловлар ўтказилишини талаб қилади.

Баёнотда таъкидланишича, Башар Асад ўз режимини сақлаб қолиш мақсадида олиб бораётган кураш оқибатида 11 миллион киши, яъни мамлакат аҳолисининг қарийб ярми уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган, ярим миллионга яқин сурияликнинг ёстиғи қуриган.