Халқ таълими вазирлиги мактабларда йиғилишлар ўтказмасликни буюрди

Ўзбекистондаги барча ОТМ талабалари, мактаб ўқувчилари ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига 16 мартдан таътил берилди.

Халқ таълими вазирлиги ўқитувчилар иштирокида мажлислар ўтказиш бўйича топшириқ бермаган. Вазирлик вилоят халқ таълими бошқармаларига ортиқча мажлислар ва йиғилишлар ўтказмаслиги бўйича топшириқ берди.

Бу баёнот вазирликнинг расмий сайтида эълон қилинди.

Шу билан бирга Халқ таълими вазирлиги маҳаллий ҳокимият вакилларини ўқитувчиларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилмасликларини талаб қилди.

“Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”га Президентнинг 2018 йил 14 августидаги қарори қабул қилинган. Унда халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш юзасидан республика махсус комиссияси томонидан ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этиладиган тадбирлар, мажлислар ва йиғилишларга чекловлар киритилган.