Италия коронавирус қурбонлари сони бўйича Хитойни ортда қолдирди

Коронавирусга чалинганлар сақланаётган Италиядаги хастахоналаридан бири, 2020 йил 19 марти.

Италияда коронавирус важидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 3405 нафарга етди. Бу 3248 нафар қурбон қайд этилган Хитойнинг кўрсаткичидан ҳам юқоридир. Айни пайтда Италияда инфекцияга чалинганлар сони 41 минг нафардан ошган.

Коронавирус билан боғлиқ вазиятни муттасил кузатиб келаётган worldometers.info сайти маълумотларига кўра, айни дамда Covid-19 тарқалган мамлакатлар сони 180 тага етган.

Хитойнинг Ухан шаҳрида 2019 йил декабрь ойи охирида аниқланган коронавирус туфайли дунё бўйлаб қурбон бўлганлар сони ҳозирда 10 мингдан ошган. Инфекция юқтириб олганлар сони 245 мингга етган, 88 минг нафардан зиёд одам соғайиб кетган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2020 йил 11 мартида янги коронавируснинг ёйилиши пандемия даражасига етганини эълон қилган.