АҚШ Давлат котиби фавқулодда сафар билан Кобулга келди

Майк Помпео.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео 23 март фавқулодда сафар билан Кобулга келди. Сафардан кўзланган мақсад ўтган ой Толибон билан имзоланган тинчлик шартномаси ижросини таъминлашдир.

Помпео Кобулда Афғонистон президенти Ашраф Ғани¸ айни пайтда унинг ашаддий рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ билан учрашади.

АҚШ расмийлари Қатар пойтахтида Толибон билан тинчлик битими имзолаганига қарамай¸ Афғонистонда бошланган янги сиëсий бўҳрон унинг ижросини кечиктирмоқда.

Ғани ва Абдуллоҳ сўнгги президентлик сайловларида ўзларининг ғалаба қозонганини айтиб¸ президент сифатида қасамëд қилди.

Айни пайтда¸ Афғонистон аксар ҳудуди Толибон назоратида қолмоқда.

Коронавирус пандемиясига қарамай Кобулга келган Помпео¸ афғонлараро музокаралар бошланиши ва Толибон вакилларининг ҳам унда қатнашишига эришишга уринмоқда.

Помпео сафари арафасида Кобул ҳукумати Толибон билан маҳкумларни айирбошлаш ҳақида биринчи сўзлашувларни ўтказди.

Учрашувда бирор натижага эришилгани ҳақида ҳозирча эълон қилинмади.