Ҳарбий хизматга баҳорги чақириқ кечиктирилди; аскарлар аҳолини уйдан чиқмасликка чақирмоқда

Ўзбек ҳарбийлари аҳолини уйда ўтиришга даъват қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви номаълум муддатга кечиктирилди.

Бу ҳақда маҳаллий матбуот Мудофаа вазирлигига таяниб хабар қилди¸ ҳозирча бу маълумот вазирлик расмий сайтида очиқланмади.

Ҳар йили Ўзбекистон Олий Бош қўмондони бўлган президент муддатли ҳарбий хизматга баҳорги чақириқ ҳақидаги қарор эълон қилади ва унга кўра, чақирув ёшидаги фуқаролар март-апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

2020 йилги баҳорги чақириқ ҳақдаги президент қарори 25 февраль куни эълон қилинган эди.

Айни пайтда¸ Ўзбекистонда коронавирус пандемияси сабаб ўрнатилган карантин режимини назорат қилаëтган ҳарбийлар аҳолини уйда ўтиришга даъват қилмоқда.

Мудофаа вазирлиги расмий сайтида ўзбек ҳарбийларининг ижтимоий тармоқларда тиббиëт ходимлари бошлаган “Мен сиз учун ишдаман. Сиз биз учун уйда қолинг” шиори остидаги акцияга қўшилгани айтилади.

“Мудофаа вазирлиги тизимидаги барча ҳарбий округ ва гарнизонларда бўлгани каби Марказий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари ҳам: «Наврўз байрамингиз муборак бўлсин! Биз сиз учун хизматдамиз, Сиз биз учун уйда қолинг” дея аҳолига мурожаатлар йўлламоқда”¸ дейилади вазирлик сайтида эълон қилинган хабарда.