Тошкент шаҳридаги ноозиқ-овқат бозорларининг барчаси ëпилади

24 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча буюм, қурилиш материаллари, автомобиль сотуви, маиший-техника, иккиламчи буюмлар бозорлари ва мулкчиликдан қатъий назар барча савдо комплекслари фаолияти вақтинча тўхтатилади.

Бу ҳақдаги расмий хабарда қайд этилишича¸ деҳқон бозорлари, супермаркетлар, озиқ-овқат дўконлари, шифохоналар, поликлиникалар, дорихоналар фаолияти тўхтатилмайди, улар аввалги тартибда ишлашни давом эттиради.

Ресторан ва кафелар мижозларни қабул қилмасдан, фақат таомларни етказиб бериш билан шуғулланади.

Коронавирус пандемияси бошланганидан сўнг кўп давлатларда бундай чекловлар жорий қилинган.

Ўзбекистонда 24 мартдан бошлаб коронавирус эпидемияси ëйилишини тўхтатишга қаратилган кескин чора-тадбирлар кучга киради.

23 март куни Тошкент шаҳрининг 24 мартдан бошлаб номаълум муддатга вилоятликлар учун ëпилиши¸ Тошкент вилоятидаги буюм бозорлари фаолиятининг тўхтатилиши эълон қилинган эди.

Бу чекловларга риоя қилиниши устидан назорат ўрнатиш ҳуқуқ тизимлари қатори¸ мамлакат армиясига ҳам топширилди.

Ўрнатилаëтган чекловлар ортидан мамлакат бўйлаб улгуржи ва чакана савдодаги ўн минглаб якка ва кичик тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлади. Бундай тадбиркорларга оммавий солиқ имтиëзлари берилиши ëки кредит тўловларининг кечиктирилиши ҳақида ҳозирча аниқ қарор йўқ.

Президент фармони билан пандемиянинг иқтисодий оқибатларини юмшатишга сарфлаш учун 10 триллион сўмлик жамғарма тузилди.