Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятига рухсат берилди

Вазирлар Маҳкамасининг 24 март куни 180-сонли қарори билан нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш бўйича низомлар тасдиқланди.

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot Telegram канали хабар қилди.

Янги низомга мувофиқ, нодавлат суд-экспертиза ташкилоти фуқаролик, иқтисодий, жиноят ва маъмурий суд ишлари бўйича суд экспертизасини ўтказишга ихтисослаштирилган, штатида суд эксперти сертификатига эга мутахассислар бўлган ташкилот ҳисобланади ва у юридик шахс шаклида ташкил этилади.

Фақат суд экспертизасини амалга ошириш ваколати берилган бундай ташкилотларга суд экспертигина раҳбарлик қилиши мумкин¸ ташкилотнинг турар-жой биноларида жойлашуви тақиқланади.

Адлия вазирлиги расмий веб-сайтида ўз хизмат нархини мустақил белгилаш ҳуқуқи берилган нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари рейтинги юритилади.