Украина собиқ Ташқи ишлар вазири қотилликда айбланиб¸ қамоққа олинди

Украина собиқ Ташқи ишлар вазири Леонид Кожара Британиянинг ўтмишдаги Ташқи ишлар вазири¸ ҳозирги Бош вазири Борис Жонсон билан. 2017 йил.

Украина полицияси 25 март куни мамлакат собиқ Ташқи ишлар вазири Леонид Кожарани ҳибсга олди. Шу куниëқ ўтказилган дастлабки суд ҳукми билан Кожара эҳтиëт чораси сифатида қамоқда сақланадиган бўлди.

2012-2014 йилларда россияпараст Виктор Янукович ҳукуматининг бош дипломати бўлган Кожара Inter TV телеканали бош директори Сергей Старицкийни отиб ўлдирганликда гумонланмоқда.

Россияпараст телеканал раҳбари 22 февраль куни Кожаранинг Киев ташқарисидаги уйида ўлик ҳолда топилган эди.

Воқеа пайтида уйда бўлган эр-хотин Кожаралар¸ 56 яшар Старицкийнинг ўз жонига қасд қилганини айтган.

Украина полициясининг билдиришича¸ Кожара ва Старицкий маст ҳолда урушиб қолган ва собиқ Ташқи ишлар вазири тўппончаси билан телемагнатни отиб ўлдирган.

Миллий полиция¸ тергов давомида собиқ вазирга бундай айб қўйиш учун етарли далил тўпланганини билдирди.

57 яшар Кожарага қўйилаëтган қотиллик айби судда тасдиғини топса¸ у 15 йилгача қамалиши мумкин.