Хусусий касалхоналарнинг коронавирус юқтирганларга хизмат кўрсатишига рухсат берилди. Хизмат пулини давлат тўлайди

Ўзбекистондаги энг йирик хусусий касалхона - Akfa Medline Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев оиласига қарашли.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 26 март куни имзолаган 4649-сонли “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан нодавлат тиббиёт ташкилотларига коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга, истисно тариқасида, 2020 йил 1 сентябрга қадар тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилди.

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot Telegram канали хабар берди.

"Нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва нодавлат тиббиёт ташкилоти ўртасида тузиладиган шартномага кўра амалга оширилади.

Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун нодавлат тиббиёт ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан, истисно тариқасида, танлов (тендер) ўтказмасдан аниқланади.

Нодавлат тиббиёт ташкилотларининг коронавирус билан касалланганларга тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлари Инқирозга қарши кураш жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, заруратга кўра, нодавлат тиббиёт ташкилотлари билан келишган ҳолда уларнинг лаборатор-диагностика хизматларидан фойдаланилади"¸ дейилади вазирликнинг президент янги қарори ҳақидаги расмий хабарида.

Ўзбекистондаги энг йирик хусусий касалхоналар тармоғи Akfa Medline Тошкент шаҳар ҳокими¸ президент ва оиласига яқин кўрилган бадавлат тадбиркор¸ мамлакатдаги энг йирик Akfa/Аrtel компаниялари эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли.

Мустақил таҳлилчилар¸ коронавирусга қарши кураш ва пандемиянинг иқтисодий оқибатлатларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида яна олий ҳокимиятга яқин шахс ва гуруҳларнинг монополия мақомидаги ширкатларига янги имтиëзлар берилишидан хавотир билдирмоқда.

Дунëнинг аксар давлатларида коронавирус пандемияга қарши кураш доирасида хусусий касалхоналарга вирус юқтирганларга хизмат кўрсатиш ваколати ҳозирча берилган эмас.