Президент аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилиш чора-тадбирларини белгилаб берди

Карантинни назорат қилишга жалб этилган ИИВ ходимлари.

26 март куни коронавирус пандемиясига қарши курашга оид қатор ҳужжатга қўл қўйиб¸ бу ҳақда халққа ҳисоб берган президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматга аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни белгилаб берди.

Бу чора-тадбирлар орасида 300 мингта экспресс-тест ва 500 та сунъий нафас олдириш аппарати харид қилиш, хавф юқори бўлган аҳоли пунктларида кўчма лабораториялар ташкил этиш; Тиббиёт ниқоблари ишлаб чиқаришни кунига 5 миллион донага етказиш бор.

Карантин туфайли мажбурий таътилга чиқарилган давлат ва нодавлат сектори ишчиларига¸ президент белгилаган топшириққа кўра¸ иш ҳақининг камида 50 фоизини ҳақ тўланади, қолганлар масофадан ишлашга ўтказилади.

26 март куни эълон қилинган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ¸
1 октябрга қадар тадбиркорларнинг фойдаланилмаётган объектларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилмайди; 1 ноябрга қадар коронавирус пандемияси туфайли молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган корхоналар банкрот деб эълон қилинмайди; карантин муддати давомида тадбиркорлик субъектлари фойдаланаётган 3 минг 600 дан ортиқ давлат мулки объектлари бўйича ижара ҳақларини ундириш тўхтатилади.

Шунингдек¸ барча лойиҳалар доирасида инвестициявий мажбуриятларни бажариш муддатлари 6 ойга узайтирилади; карантин даврида тадбиркорларнинг ҳисоб рақамини тўхтатиб қўйиш тақиқланади; aҳолига товарларни етказиб бериш ҳамда ташиш хизматларини кўрсатиш учун лицензия олиш талаби вақтинчалик бекор қилинади.