Бош санитар инспектор вилоятлар кесимида коронавирусга чалинганлар сонини эълон қилди

Коронавирус билан касалланган беморларнинг 87 нафари Тошкент шаҳридан.

30 март кунги маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида 87 та, Фарғона вилоятида 25 та, Наманган вилоятида 10 та, Андижон ва Бухоро вилоятларида 8 тадан, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида 1 тадан бемор коронавирус касаллиги билан даволанмоқда.

Бу маълумотни 31 март куни Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифинг чоғида маълум қилди.

Отабековнинг айтишича, Вирусология ИТИ даги 52 нафар ва ЭМваЮКИТИ да даволанаётган 36 нафар беморлар республиканинг қарийиб барча ҳудудларидан келган фуқаролардир.

31 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган яна 8 одам аниқланди. Бу билан мазкур вирусга чалинганлар сони 158 нафарга етди.

“Ушбу инфекция шу йилнинг 12 мартида Туркияда бўлиб, касаллиги тасдиқланган бемор билан яқин мулоқотда бўлган 2 нафар наманганлик, иккинчи марҳум билан яқин мулоқотда бўлган асли навоийлик 2 нафар кишида, яъни она ва болада, шунингдек, беморлар билан мулоқотда бўлган 4 нафар тошкентлик фуқарода аниқланди”, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.

31 март куни эрталаб Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 1 тага ошиб, 150 нафарни ташкил этгани хабар қилинганди. Ушбу инфекция 1 нафар тошкентлик фуқарода аниқланди.

30 март куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 4 тага ошиб, 149 нафарга етгани хабар қилинганди.

30 март куни инфекция 2 нафар андижонлик (аёллар), 1 нафар фарғоналик (эркак) ва 1 нафар тошкентлик (эркак) фуқароларда аниқланган.

Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 7 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

Ўзбекистонда Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Наманган, Андижон, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида коронавирус қайд этилган.