АҚШ разведкаси ва сенатори Хитойни коронавирусга оид асл маълумот ва рақамларни бекитаëтганликда айблади

АҚШ Сенатининг Ташқи разведка қўмитаси аъзоси¸ республикачи Бен Сасс Хитой Коммунистик партиясини коронавируснинг бошланиши ҳақида “ахлат пропаганда” тарқатаëтганликда айблади.

АҚШда коронавирусдан ўлганлар сонининг Хитойдагидан ошиб кетгани ҳақидаги иддаолар сохта ва ëлғондир”¸ деди 1 апрель кунги баëнотида сенатор.

Айни шу куни АҚШдаги Bloomberg агентлиги мамлакат разведка хизматларининг коронавирус бошланиши ва унинг Хитойдаги вазиятига оид махфий ҳисоботида ҳам айни шундай хулоса берилганини маълум қилди.

Ўтган ҳафта Оқ уйга тақдим этилган разведка ҳисоботининг матбуотга сиздирилган хулосасига кўра¸ Хитой ҳукумати коронавирус бошланиши ва унинг тарқашига оид ҳақиқий маълумотларни сир тутмоқда.

Хусусан¸ ҳисоботда мамлакатда вирусга чалинганлар ва ундан ўлганлар сонининг¸ расман тан олинганидан кўра¸ бир неча бараварга кўплиги тахмин қилинган.

Махфий маълумотни ошкор қилмай туриб ҳам¸ Хитой Коммунистик партиясининг ўз режимини қутқариб қолиш учун ëлғон гапиргани¸ гапираëтгани ва бундан сўнг ëлғон гапириши очиқ-ойдин кўриниб турган ҳақиқатдир!” деди Bloomberg хабарига муносабат билдирган сенатор Сасс.

Бен Сасс дунë ҳукуматлари¸ мустақил матбуот¸ Америка эпидемиологлари ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини коронавирус ҳақида Хитой бериб келаëтган маълумот ва “ифлос ташвиқот”ни жиддий қабул қилмасликка чақирди.

АҚШ вице-президенти коронавирус пандемиясини тўхтатиш учун Хитой ҳукуматидан касалликка оид маълумотларни шаффоф ва очиқ қилишни сўради.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги 2 апрель куни асл рақамларнинг сир тутилаëтганига оид АҚШ танқидларини “асоссиз” деб рад қилди.

2 апрель кунги сўнгги рақамларга кўра¸ АҚШ да коронавирусга чалинганлар сони 217 минг¸ ўлганлар эса¸ 5200 га яқинлашди.

Хитойда эса¸ Пекин ҳукумати берган статистикага кўра¸ вирус юқтирганлар 81 589 ¸ ўлганлар эса¸ 3318 тани ташкил этди.

Бугунга келиб 1¸5 миллиардлик аҳолига эга Хитой ҳукумати коронавирус тарқашининг назоратга олингани ва янги ҳолатларнинг кескин камайганини айтмоқда.

Коронавирус қолган дунë¸ хусусан¸ Европа ва АҚШда кенг тарқаб¸ соғлиқни сақлаш тизимини фавқулодда оғир аҳволга солиб қўйган жорий вазиятда Хитой бу давлатларга гуманитар ëрдам¸ қолаверса¸ коронавирусга қарши кураш учун зарур тиббий анжомлар етказиб бераëтган асосий таъминотчига айланди.