Толибон вакиллари 19 йилда биринчи марта музокара ўтказиш учун Кобулга келди

Кобул кўчаларидан биридаги манзара.

Толибон вакиллари пойтахт Кобулда ҳукумат расмийлари билан асирларни ўзаро алмашиш масаласини муҳокама қилди.

Мамлакат Миллий Хавфсизлик кенгаши Толибоннинг уч вакили 31 март ва 1 апрель кунлари Афғонистон ҳукумати билан юзма-юз музокара ўтказганини тасдиқлади. Бироқ бу учрашувдан қандай натижаларга эришилгани ҳозирча айтилмади.

Толибон шу кунгача Афғонистоннинг тан олинган ҳукуматини “Ғарбнинг қўғирчоғи” деб атаб, у билан музокаралар ўтказишдан бош тортиб келаётган эди. Март ойининг охирларида Афғонистон ҳукумати Толибон билан видеоконференция уюштириб, юзма-юз сўзлашишга келишиб олган.

Толибон матбуот котиби Залмай Муҳаммад афғон ҳукумати билан асирларни алмашиш ва озод қилинганларга тиббий ёрдам кўрсатиш масаласида “техник сўзлашувлар” бўлганини маълум қилди. Унга кўра, биринчи босқичда Толибоннинг юз аъзосини эркинликка чиқариш назарда тутилган.

Жорий ҳафта ҳукумат ва Толибон ҳаракатининг 100 нафардан маҳкумни озод қилиши кутилмоқда.

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод 29 февраль куни Толибон вакиллари билан Доҳада имзолаган келишувда¸ босқичма-босқич амалга ошириладиган бу жараëнда жами 6 минг толибнинг озод этилиши айтилган.

Келишув шартлари амалга оширилган тақдирда¸ АҚШ Афғонистондаги ўз қўшинларини келаси йил олиб чиқиш мажбуриятини олган.

Бу жараëн бошланиши арафасида БМТ Хавфсизлик кенгаши Афғонистонда урушаëтган томонларни мамлакатдаги узоқ ва қиммат урушга барҳам бериш учун бирга ишлашга чақирди.