Россияда "ишланмайдиган кунлар" муддати 30 апрелгача узайтирилди

Путин фавқулодда вазият режимини эълон қилмади.

Россия президенти Владимир Путин 2 апрель куни халққа қилган мурожаатида, 30 апрелгача бўлган муддатни ишланмайдиган кунлар, деб эълон қилди. Президент ишга чиқмаётган барча шахсларнинг ойлик маошлари сақланиб қолиши шарт, деб айтди.

Айни пайтда Путин фавқулодда вазият режимини эълон қилмади. Аввалроқ Россиядаги айрим нашрлар президент маъмуриятидаги манбаларига таянган ҳолда, Путин карантин чораларини “оммабоп эмас” деб ҳисоблашини ва бундай чораларни қўллаш унинг рейтингни туширишини билдирганини маълум қилган эдилар.

Путин 25 март куни халққа қилган мурожаатида коронавирус таҳдидини юмшатиш мақсадида 30 мартдан бошлаб бир ҳафтани дам олиш кунлари деб эълон қилган эди.

Сўнгги маълумотларга қараганда Россияда COVID-19дан 24 одам вафот этди. 3548 одам коронавирусга чалинди. Беморларнинг 2475 нафари Москвада.

Россия президенти Владимир Путин 1 апрель куни ҳукумат аъзолари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатда коронавирус бўйича вазият мураккаблашаётганини айтди.

Путиннинг айтишича, Россияда 3 миллиондан ортиқ одам коронавирус таҳдиди остидадир. Бугунги кунда 290 минг одам “ўзини яккалаш” режими остида қолмоқда.