Қирғизистонда короновирусдан ўлганлар сони 4 киши. Бир кунда 69 кишида COVID-19 аниқланди

Қирғизистонда беморлар сони 216 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазири Сабиржан Абдикаримов 6 апрель куни эрталаб коронавирусга чалинган беморлардан яна 2 нафари вафот этганини билдирди. Бу билан мамлакатда коронавирусдан ўлганлар сони 4 кишини ташкил қилди.

2 апрель куни Новқат туманида COVID-19 аниқланган 61 ёшли фуқаро вафот этганди. 4 апрель куни айнан ушбу касалхонада 80 ёшли бемор ҳам вафот этган. Бир сутка мобайнида вафот этган беморлар тўғрисидаги маълумот ҳозирча эълон қилинган йўқ.

Вазирнинг билдиришича, 6 апрель куни 69 одамда коронавирус аниқланди. Беморлар сони бу билан 216 кишига етди. Янги беморларнинг барчаси обсервацияга олинганлар орасида аниқланган.

Вазир 6 апрель ҳолатига кўра, 10 бемор тузалганини, яна 23 бемор 6 апрель куни касалхонадан чиқарилишини айтди.

Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони вилоятлар кесимида:

Бишкек шаҳри – 25;

Ўш шаҳри – 14;

Ўш вилояти – 80;

Боткен вилояти – 4;

Жалолобод вилояти – 80;

Чуй вилояти – 5;

Иссиқкўл вилояти – 3;

Норин вилояти – 5;

Талас вилояти - 0.