Тошкент ИИББ коронавирусга қарши курашда Хитой Хавфсизлик вазирлиги тажрибасини ўрганмоқда

Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг расмий вакили Лю Тунпин билан Тошкент ИИББ раҳбарлари 6 апрелда учрашди.

Тошкент шаҳар ИИББ коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича Хитой полициясининг тажрибасини ўрганди. Бу ҳақда 6 апрель куни Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Расмий билдирувда айтилишича, Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг расмий вакили Лю Тунпин раҳбарлигидаги делегация билан учрашиб, касалликнинг тарқалишига қарши ташкил этилган тадбирларга жалб қилинган Жамоат хавфсизлиги вазирлиги, идоралар ва жамоат ташкилотларининг ҳаракатлар режасини ўрганган. Учрашув Тошкент ИИББ раҳбарияти ташаббуси билан ўтказилган.

Учрашув пайтида “Карантин шароитида фуқароларга бўлган талабларга алоҳида урғу берилди. Ўзни яккалаш тартиби жорий қилиниб, Ухан шаҳри аҳолисига ҳар бир хонадондан фақат бир киши уч кунда бир марта кўчага озиқ-овқат ва дорилар учун чиқишига рухсат берилган, бунинг учун махсус йўлланма ҳам жорий қилинган”и тўғрисида маълумот олинган.

Расмий маълумотда айтилишича, Хитой делегацияси Ўзбекистонда коронавирусга қарши ҳаракатларга ижобий баҳо берди. “Хусусан, жамоат транспорти фаолияти тўхтатилиши, эпидемиология ҳолатига алоқадор одамлар ва автотранспорт ҳаракатини тақиқлаш, шаҳардаги ҳолат, зарарланганлар сони ҳақида аҳолига мунтазам маълумот бериш, шунингдек аҳолининг ижтимоий заиф қатламини қўллаб-қувватлаш ва ОАВ билан ўзаро алоқа йўлга қўйилиши шулар жумласидандир”.

Хитой делегацияси коронавирус пандемиясини тўхтатишга қаратилган бир қатор тавсияларни ҳам берган.