АҚШ Рус империячилик ҳаракатини террорчи ташкилотлар рўйхатига киритди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ҳаракат аъзоларига нисбатан санкциялар жорий этилганини билдирди.

АҚШ Рус империячилик ҳаракатини хорижий террорчи ташкилотлар рўйхатига киритди. Ҳаракат аъзоларига нисбатан санкциялар жорий этилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Майк Помпео маълум қилди.

Рус империячилик ҳаракати сайти ва ташкилотнинг бир қанча нашрлари АҚШ Адлия вазирлиги томонидан экстремистик адабиётлар рўйхатига киритилди.

Қора рўйхатга киритилган ташкилотларга ва унинг аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш, уларнинг АҚШга кириши тақиқланади ҳамда молиявий активлари музлатилади.

Рус империячилик ҳаракати Санкт-Петербург шаҳрида фаолият юритади. Ташкилот раҳбарларидан бири Станислав Воробьёв аввалроқ Рус империячилик ҳаракати Украинанинг айирмачи ҳудуди бўлган Донбассга юзга яқин кўнгиллини россияпараст сепаратистларни қўллаб-қувватлаш учун юборганини билдирган.

Ғарб матбуоти Россия ҳукумати ташкилотни қўллаб-қувватламаслигини ва айни пайтда унинг фаолиятига ҳам тўсқинлик қилмаслигини ёзган.