Тошкентда ниқобсиз юрганини видеога олиб ижтимоий тармоққа жойлаган ёшлар 15 суткага қамалди

Икки йигит ва бир қиз видеони Амир Темур ҳиёбонида олгани аниқланди.

Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида, мамлакатда ўрнатилган карантин талабларига зид равишда жамоат жойида ниқобсиз юрган икки йигит ва бир қиз 15 суткага қамалди.

Олий суд матбуот хизматининг билдиришича, уларга нисбатан суд 7 апрель куни Юнусобод туман маъмурий судида бўлиб ўтган.

6 апрель куни ижтимоий тармоқларда бу икки йигит ва бир қиз Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида ниқобсиз юргани тўғрисидаги видео тарқалган эди. Видеони олаётган қиз Амир Темур ҳайкалидан “Коронавирус Ўзбекистондан қачон кетади?” деб сўрайди ва баланд овозда бақиради.

Видеодаги йигитлардан бири эса карантин вақтида эплаб кўчада ниқобсиз юрганини айтган.

Аниқланишича, мазкур видео 2020 йил 1 апрель куни тахминан соат 18:00 да Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида олинган.

“Юнусобод туман маъмурий судида 7 апрель куни мазкур фуқаролар — 1998 йил Тошкент шаҳрида туғилган К.М., 1993 йил Тошкент шаҳрида туғилган У.Ҳ. ва 1990 йилда Самарқанд вилоятида туғилган О.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш) ҳамда 183-моддаси (Майда безорилик) асосида маъмурий иш кўриб чиқилган.

Юнусобод туман маъмурий судининг 2020 йил 7 апрелдаги қарорига кўра, К.М., У.Ҳ. ва О.Р. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54, 183-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 34-моддаси (Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) тартибида узил-кесил 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди”, дейилади Олий суд хабарида.