“Роскосмос” АҚШни ўзга сайёраларни агрессив тарзда босиб олмоқчи бўлаётганликда айблади

Ойнинг умумжаҳон мулки сифатидаги мақоми БМТ Бош Ассамблеяси қабул қилган шартнома асосида белгиланади.

Коинотни экспроприация қилиш ва ўзга сайёраларни босиб олиш юзасидан агрессив режаларнинг борлиги Россия ва АҚШ ҳамкорлигига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳақда “Роскосмос” раҳбари Сергей Савельев 7 апрель куни баёнот берди.

Савельевнинг баёноти АҚШ президенти Дональд Трамп 6 апрель куни имзолаган фармонга расмий жавоб бўлди. Трамп фармонида тижорий мақсадларда Ой, Марс ва бошқа сайёраларни ўзлаштириш Қўшма Штатлар вақолатидаги ҳуқуқ экани таъкидланади.

Фармонда АҚШ коинотни умумжаҳон мулки деб билмаслиги, балки коинотни “юридик ва жисмоний жиҳатдан инсон фаолият юритиши учун ўзига хос объект” деб тан олиши белгиланган.

Ойнинг умумжаҳон мулки сифатидаги мақоми БМТ Бош Ассамблеяси 1979 йилда қабул қилган “Давлатларнинг Ойдаги ва бошқа фазовий жисмлардаги фаолияти тўғрисида”ги шартномада қайд этилган. Ҳужжатни 18 давлат имзолаган. Россия ва АҚШ мазкур шартномага қўшилмаган.