Лондон Олий суди Дариға Назарбоеванинг 104 миллион долларлик уйи юзасидан чиқарилган ордерни бекор қилди

Уйлардан бирида Дариға Назарбоеванинг ўғли Нурали Алиев яшайди.

Лондон Олий суди 8 апрель куни “манбаси номаълум бўлган даромадларга сотиб олинган уйлар” тўғрисидаги учта ордерни бекор қилди. Бу ордерларни пул ювишга қарши кураш кампанияси доирасида Жиноятчиликка қарши кураш бўйича миллий агентлик киритган эди.

Ордерлар, жумладан, Қозоғистон собиқ президентининг катта набираси Нурали Алиев яшаётган уйга ҳам тегишли.

Ордерда айтилишича, баҳоси 80 миллион фунт стерлинг (104 миллион долларга яқин) бўлган уй Нурали Алиев ва унинг онаси Дариға Назарбоева эгалик қиладиган офшор ширкатлари номига расмийлаштирилган. Британия ҳуқуқ-тартибот идоралари бу уйлар қайси маблағ ҳисобига сотиб олинганини исботлашни талаб қилиб келаётган эди.

Лондон Олий судининг билдиришича, ордерлар бекор қилинишига “судга тақдим этилган далилларнинг етарли эмаслиги” сабаб бўлди. Суд қарорида бу уйларни сотиб олиш манбаси “молиявий жиҳатдан мустақил бўлган Дариға Назарбоева” экани айтилади.

Жиноятчиликка қарши кураш бўйича миллий агентлик суд қарори устидан апелляция киритишини билдирди.