Нефть нархи яна тушиб кетди. Россия ва Саудия муросага кела олмаяпти

Саудия ва Россия нефть ишлаб чиқариш вазирлари 2019 йилдаги ОПЕК анжуманида.

Нефтнинг жаҳон бозоридаги нархи қисқа муддатли кўтарилишдан сўнг, 9 апрель куни яна тушиб кетди. Пайшанба куни Brent нефтининг бир баррели учун Лондон биржасида 32 доллар нарх белгиланди. Мазкур ҳолат Россия ва Саудия нефть қазишни қисқартириш юзасидан музокаралар ўтказиши кутилаётган бир паллада юз берди.

Reuters агентлигининг ёзишича, томонлар нефть қазиб олишни кунига 10 миллион баррелга қисқартирганларида ҳам, барибир жаҳон бозорида нефтга бўлган талаб таклифдан озроқ бўлиб қолаверади. Нефтга бўлган талабнинг тушиб кетишига эса коронавирус пандемияси сабаб бўлмоқда.

Нефть қазиб олувчи давлатлар ташклоти ОПЕК ва бу бу ташкилотга қўшилмаган нефть қазиб олувчи давлатлар ўртасидаги видеоконференция 9 апрель куни кун бўйи давом этди. Матбуотнинг Эрон нефт вазирига таяниб ёзишича, анжуманда нефть қазиб олишни кунига 10 миллион баррелга қисқартириш ҳақида гап бормоқда. ТАССнинг ёзишича, “бу Россия ва Саудия нефть қазиб олишни 23 фоизга қисқартириши лозимлигини англатади”.

Мазкур музокаралар сўнгги ўн йилликда нефть нархининг кескин тушиб кетиши ортидан ўтказилмоқда. Россия ва Саудия 1 апрелгача нефть қазиб олишни қисқартириш юзасидан муросага келишлари лозим эди. Аммо бу муддатда томонлар муросага кела олмагач, нефть нархи бир баррелга 20 долларгача тушиб кетди. Россия ва Саудия муросага келиши мумкинлиги тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлгач, нефть нархи яна ўса бошлаган эди.