Хитой Қишлоқ хўжалик вазирлиги ит гўштини ейишни тақиқловчи ҳужжатни эълон қилди

Хитойда бир йилда 10 миллион ит гўшти ейилади.

Хитой Қишлоқ хўжалик вазирлиги эълон қилган янги рўйхатда итлар гўштини истеъмол қилиш мумкин бўлган уй ҳайвонлари қаторидан чиқарилганини билдирди.

“Инсоният тамаддуни ривожланиши ва жамоатчиликнинг ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳаракатлари кучайиши ортидан итлар одамларнинг дўстларига айланган”, дейилади ҳужжатда.

Тановул қилиш мумкин бўлган ҳайвонлар рўйхатига 13 турдаги “анъанавий ҳайвонлар”, яъни чўчқа, сигир, товуқ ва куркалар киритилган. Истеъмол қилиш мумкин бўлган “махсус ҳайвонлар” рўйхати 18 жонивордан иборат, улар жумласига кийиклар ҳам киритилган. Бу ҳужжат 8 майга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Хабарларда айтилишича, бу ҳужжат COVID-19 ёввойи ҳайвонлардан одамларга юққани тўғрисидаги шубҳаларни кучайтирди. Февраль ойида хитой ёввойи ҳайвонлар гўштини истеъмол қилишни тақиқлаган эди.

2 апрель куни Хитой жанубидаги Шэньчжэнь шаҳрида ҳам итлар ва мушуклар гўштини ейиш тақиқланганди.

Ҳонконгдаги Animals Asia ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилотининг билдиришича, ҳар йили Хитойда 10 миллион ит ва 4 миллион мушук ейилади. Бу ҳолат ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчилар томонидан кескин танқид қилиб келинади.