"Коронавирусга чалинган банк ходими" пенсия тарқатганини эълон қилган ИИВ ходими ишдан бўшатилди

Ходим “хизмат интизомини қўпол тарзда бузгани учун” ишдан олинган.

Наманганда гўёки коронавирусга чалинган банк ходими 15та маҳаллада пенсия тарқатгани тўғрисидаги видеони эълон қилган ички ишлар ходими ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги 13 апрель куни маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Намангандаги 4-бўлимда ишлаган ходим 12 апрель куни ижтимоий тармоқларда бу видеони тарқатган ва банк ходимини ҳақорат қилган. Кейин мазкур видео Telegram тармоғида тезликда тарқалиб кетган.

Айни пайтда Ички ишлар вазирлиги банк ходимидан 11 апрелда анализ олингани ва у коронавирусга чалинган бўлиши мумкинлигини билдирган.

“Банк ходими 1-11 апрель кунлари 6та маҳаллага пенсия тарқатганини ҳисобга олиб, Ички ишлар бўлими томонидан пенсия олувчиларнинг уйларини карантин назоратига олиш ва аҳоли орасида қоронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида тушунтириш ишлари ўтказиш учун олтита гуруҳ ташкил этилди”, дейилади расмий билдирувда.

Видеони тарқатган ходим “хизмат интизомини қўпол тарзда бузгани ва ички ишлар ходими обрўсига путур етказгани учун” ишдан олинган.